Ўзбекистонлик спорт гимнастикачиси, Олимпиада ўйинларининг энг кўп иштирокчиси Оксана Чусовитина спортчилик фаолиятини якунлади.

Фото: «Gettyimages»

Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилаётган Олимпия ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спорт гимнастикачиси Оксана Чусовитина саралаш баҳсларида 11-ўринни эгаллади ва финал йўлланмасини қўлга кирита олмади. Шу тариқа Чусовитина ўзининг спортчилик фаолиятини якунлади.

Оксана Александровна Чусовитина 1975 йил 19 июнь куни Бухоро шаҳрида туғилган. Спорт гимнастикаси бўйича Олимпия ўйинларида энг кўп иштирок этган спортчи (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020) ҳисобланади. 1992 йил Барселонада ўтган Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби, 3 карра жаҳон чемпиони.

Оксана Чусовитина спорт билан шуғулланишни 8 ёшида бошлаган. Узоқ йиллар давомида Светлана Кузнецова қўл остида спорт гимнастикасини ўрганиб келган. 1990 йил терма жамоа аъзосига айланган. Таяниб сакраш, эркин машқ ва параллел тўсинларда бир неча мураккаб элементлар муаллифи ва Осиё ўйинлари ҳамда Осиё чемпионати ғолиби.

Фаолиятини якунламасдан туриб, гимнастиканинг ривожига қўшган ҳиссаси учун Халқаро гимнастика шон-шараф залидан ўрин олган ягона спортчи ҳисобланади. Шунингдек, спорт гимнастикасида Олимпия ўйинларида энг кўп иштирок этгани учун унинг номи «Гиннес рекордлар китоби»дан жой олган.

2019 йили Германиянинг Штутгарт шаҳрида ўтказилган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон чемпионатидаги иштироки орқали Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Токио Олимпиадаси Чусовитина учун фаолиятидаги саккизинчи Олимпиада бўлди.

Оксана Александровна фаолияти давомида қуйидаги унвонларни қўлга киритган:

1990 йил: Собиқ Иттифоқда хизмат кўрсатган спорт устаси;

1992 йил: Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи.

Қўлга киритган давлат мукофотлари:

1996 йил: «Дўстлик» ордени;

2001 йил: «Меҳнат шуҳрати» ордени;

2017 йил: «Эл-юрт ҳурмати» ордени;

2020 йил: «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони.

Аввалроқ гимнастикачи Оксана Чусовитина ўз чиқишини якунлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Оксана Чусовитина Олимпиада байроқдори ўзгарганига муносабат билдирганди