Италиянинг «Рома» клуби ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродов трансферини расман эълон қилди. Бу ҳақда Рим клуби расмий сайти хабар берди.

Фото: «Рома» футбол клуби расмий сайти

Унга кўра, «Рома» Шомуродовни ижара асосида эмас, тўлиқ трансфер орқали ўз таркибига қўшиб олди. Ҳужумчининг Рим клуби билан шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади. Элдорнинг трансфер нархи 17,5 миллион евро деб эълон қилинди. Шомуродов «Рома»да 14-рақамда ўйнайди.

Маълумот ўрнида, Элдор Шомуродов 2020/21 йилги мавсум олдидан А Сериянинг «Женоа» клуби сафига бориб қўшилганди. Элдорнинг ундан аввалги жамоаси эса Россиянинг «Ростов» клуби эди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ҳужумчи ўтган мавсум «Женоа» таркибида 31 та ўйинда иштирок этди ва 8 та гол ҳамда 2 та голли узатма муаллифига айланди. Элдор 31 та ўйиннинг 16 тасида асосий таркибда майдонга тушган.

Аввалроқ Шомудоров «Рома» билан Португалия жўнаб кетгани ва у ерга етиб боргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Элдорнинг собиқ жамоси «Ростов» ушбу трансфердан қанча фойда олиши маълум қилинганди.