Ўзбекистонлик курашчи Мадина Усмонованинг допинг-синамасида тақиқланган модда аниқланди. Бу ҳақда Ўзбкистон Миллий антидопинг агентлиги хабар берди.

Фото: Ўзбкистон Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати

Унга кўра, аёллар кураши бўйича 2021 йилнинг апрель ойида Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритган ўзбекистонлик спортчи Мадина Усмонованинг допинг-синамаларидан «фуросемид» тақиқланган моддаси аниқланган.

Ушбу модда Тақиқланган рўйхатнинг «S5. Пешоб ҳайдовчи моддалар ва яширувчи агентлар» синфига мансуб бўлиб, одатда ундан қисқа фурсатда вазн йўқотиш ёки бошқа тақиқланган моддаларни истеъмол қилганини яшириш мақсадида фойдаланилади.

Ҳозирда Халқаро кураш спорт турлари уюшмасининг антидопинг хизмати томонидан ушбу ҳолат юзасидан текширув ва ўрганиш ишлари бошланган. Текширув якунига етгач спортчига қандай чора кўрилиши бўйича хабар берилади.

Аввалроқ ўзбекистонлик оғир атлетикачида аниқланган допинг юзасидан текширув бошлангани маълум қилинганди.