Саудия Арабистонида ўтказилаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ортда қолган кунида ўзбекистонлик спортчи қизлар 4 медаль қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Унга кўра, даст кўтариш машқида 92 килограмм натижа кўрсатган Нигора Сувонова ўз ҳисобига кумуш медални ёзиб қўйди. Силтаб кўтариш машқида Нигора Сувонова ва Севинч Комилова шоҳсупага кўтарилди. Сувонова бу гал ҳам иккинчи натижани қайд этган бўлса, Севинч Комилова бронза медалини қўлга киритди.

Икки кураш якуни бўйича Сувонова кумуш медални ўзиники қилди. Бронза медали соҳибаси билан бир хил натижа қайд этган Комилова польшалик спортчидан кейин ушбу натижага етиб келгани учун тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Аввалроқ ўзбекистонлик дзюдочилар жаҳон чемпионатида 2 та медаль қўлга киритгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ўзбекистонлик самбочилар халқаро турнирда 3 та медаль қўлга киритгани маълум қилинганди.