Бокс бўйича Куба терма жамоаси жаҳон чемпионатига ўзбекистонлик спортчилар билан машғулот ўтказиш учун 12 октябрь куни Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Фото:  Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов 2019 йил Куба бокс федерацияси президенти Алберто Пуиг билан учрашиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказганди. Ушбу келишувга кўра, 2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон терма жамоаси Кубада ўқув-машғулот йиғинлари олиб борган. Эндиликда мазкур келишувнинг мантиқий давоми сифатида Куба терма жамоаси Ўзбекистонда чарм қўлқоп усталари билан ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади.

Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент вилоятининг Янгиобод ўқув базасида йиғин олиб бормоқда. Кубаликлар ҳам ушбу йиғинга қўшилишади ва ҳар икки мамлакат боксчилари олдинда турган жаҳон чемпионатига биргаликда тайёргарлик кўради. Кубаликларнинг Тошкентга келган таркибида уч нафар Олимпиада чемпиони ҳам бор. 

Қўшма ўқув-машғулот йиғини 22 октябрга қадар давом этади ва ўша куни ҳар икки терма жамоа Белград шаҳрига жўнаб кетади.

Аввалроқ Ўзбекистон бокс терма жамоасининг жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун чақирилган таркиби маълум қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳри илк бор мезбонлил қилган триатлон бўйичи Осиё кубоги якунлангани ҳақида хабар берилган.