UFCнинг икки вазн тоифасида собиқ чемпиони Конор Макгрегор енгил вазн тоифасида собиқ чемпион Ҳабиб Нурмагомедовнинг ҳазилига муносабат билдирди.

Фото: «MMAfighting.com»

Россия тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин бир қизни доғистонлик безорилардан қутқариб қолган Роман Ковалёвни «Жасорат» медали билан тақдирлаган. Шундан сўнг Ҳабиб Инстаграм сторисига Конорнинг расмини жойлаган ва остига «Қани менинг Бастрикиндан олган медалим? Мени ҳам бир гуруҳ доғистонликлар калтаклаган», деб ёзган. Бунда у Конор билан уларнинг жангидан олдин юзага келган автобусдаги жанжални назарда тутган. 

Конор бунга қуйидагича муносабат билдирди:

«Бастрикин! Ҳабибнинг ‘ифлос шими учун медаль’и қаерда? У буни 10-қаторда бажаргани учун муносиб эди», — дея Конор ўша жанжалда Ҳабибнинг автобусдан тушмаганини эслаб ўтди. 

Аввалроқ Ҳабиб Конор билан жанг ҳақида фикр билдирганди. Шунингдек, Ҳабиб Instagram саҳифасида Конорнинг устидан кулгани маълум қилинган.