Ўзбекистон терма жамоасининг Ханчжоу–2022 Осиё ва Париж–2024 Олимпия ўйинларида қатнашиши мумкин бўлган теннисчилар номи маълум қилинди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси хабар берди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов теннис федерацияси вакиллари билан йиғилиш ўтказган. Унда федерация бош котиби Ирода Тўлаганова Ханчжоу–2022 Осиё ва Париж–2024 Олимпия ўйинларида кимлар иштирок этиши ҳақида гапирган.

«Ҳозирда терма жамоамиз вакилларидан фақат 4 нафар теннисчи: Денис Истомин, Ҳумоюн Султонов, Санжар Файзиев ва Сергей Фомин АТР ва Челленжер таснифига кирувчи мусобақаларда иштирок эта олади. Айнан ушбу мусобақалар орқали Олимпиадага йўлланма берувчи рейтинг ўрнига кириш мумкин. Уларнинг ортидан келаётган бир қатор умидли ёшларимиз бор, аммо уларнинг юқори даражага чиқиши учун вақт керак», — деган Ирода Тўлаганова.

Аввалроқ ўзбекистонлик спортчилар Норвегиядаги спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатига бормагани ҳақида хабар берилганди.