«Барселона»нинг собиқ президенти Хосеп Бартомеу Лапортанинг танқидига жавоб берди. Бу ҳақда «Marca» хабар берди.

Фото: «Marca»

Аввалроқ клубнинг амалдаги президенти Жоан Лапорта Бартомеу даврида клубнинг спорт сиёсати ҳалокатли бўлганини ва Неймарнинг трансферидан тушган пул ёруғлик тезлигида ишлатиб юборилганини айтган.

«‘Барселона’нинг молиявий ҳолатига коронавирус пандемияси катта таъсир ўтказгани ва жамоа 2020/21 йилги мавсумда 330 миллион евро йўқотган», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Бартомеу клубга ҳеч қачон банкротлик хавф солмаганини, шунингдек, клубнинг ҳозирги молиявий аҳволига Лапорта ва унинг жамоаси жавобгар эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жамоа 2020/21 йил якунлари бўйича маълумот берганди. Унга кўра, солиқлардан кейинги соф зарар 461 миллион еврони ташкил этган. Шу билан клубнинг умумий қарзлари 680 миллион еврога етган.

Аввалроқ «Барселона» президенти Неймар трансферидан келиб тушган пул ўйланмасдан сарф қилинганини айтганди. Шунингдек, «Барселона» президенти Куманни нима учун ишдан бўшатмаганини тушунтирган.