Тошкент вилоятининг Янгиобод ўқув базасида ўзбекистон ва кубалик боксчилар ўртасида спарринг жанглари бошланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси хабар берди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Таъкидланишича, бокс бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида икки терма жамоа ўртасида қўшма йиғин бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, боксчилар ўртасида дастлабки спарринг жанглари ўтказилган.

Айтилишича, бу жамоаларнинг биринчи машғулот жанги бўлгани учун жуфтликлар максимал даражада бир-бирини ўрганган. Шаҳрам Ғиёсов ва Роньель Иглесиас баҳси кўпчиликнинг диққат-марказида бўлган.

Шунингдек, энг оғир вазн тоифасида Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов ҳам машғулотларга қўшилган.

Аввалроқ Бокс бўйича Куба терма жамоаси тўлиқ таркиб билан Тошкентга келгани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон бокс бўйича U-22 Осиё чемпионатига мезбонлик қилиши хабар берилган.