«Тошкент йўлбарси» номи билан жаҳонга машҳур бўлган ўзбекистонлик боксчи Руфат Рисқиев йил якунигача янги уйга кўчиб ўтади. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Унга кўра, давлат раҳбарининг кўрсатмаларига биноан ҳар бир соҳада фахрийларга эътибор қаратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳолидан хабар олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон бокс федерациясининг бош ҳомийси «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Руфат Рисқиевга янги хонадон қуриш ишлари бошланган.

Лойиҳага кўра, Руфат Рисқиевнинг хонадонидаги бўш ер майдонига у учун барча қулайликларга эга замонавий 3 хонали уй қуриб берилади. Режа бўйича янги уй йил якунигача қуриб битказилиши ва боксчи унга кўчиб ўтиши айтилди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Маълумот ўрнида, Руфат Рисқиев хизмат кўрсатган спортчи (1974 йил), 75 килограмм вазн тоифасида жаҳон чемпиони (1974 йил, Гавана), Олимпиада кумуш медали совриндори (1976 йил, Монреал) ҳисобланади. Австрия, Болгария, Венгрия, Полша, Чехословакия, Югославияда ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби (1969-1976 йиллар) ва Куба очиқ чемпионатининг 2 карра чемпиони (1973-1974).

Аввалроқ Олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобонов Президент совға қилган хонадонга боргани ҳақида хабар берилганди.