Туркиядаги ўзбекистонлик спортчиларнинг ҳолати қандай?
Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудларида кучли зилзилалар бўйича Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси у ерда машғулот ўтказаётан спортчиларнинг ҳолати бўйича маълумот берди.
Эркин кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркиянинг Кахраманмараш шаҳрида 3-6 февраль кунлари ўтиши белгиланган халқаро мусобақада иштирок этаётган эди. Бироқ мазкур ҳудуд айни пайтда эпицентр марказига айланиб қолди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ёрдами билан спортчилар Анқара шаҳрига жўнатиш чоралари кўрилмоқда. Шундан сўнг терма жамоа Анқара-Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга қайтиб келади.
«Спортчи ва мураббийларнинг барчаси соғ-саломат», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев бугун Истанбулга жўнаб кетди. У ёш спортчиларнинг Ўзбекистонга эсон-омон қайтиб келиш ишларига бошчилик қилади.
Шунингдек, велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Алания, байдарка ва каноэда эшкак эшувчилар эса Белек шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб боришмоқда. Зилзила ушбу ҳудудларга катта таъсир ўтказмаган ва машғулотлар режа асосида давом этяпти.
Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам Туркия йиғинида бўлиб турган бир нечта футбол клублари ва турли ёшдаги терма жамоалари аъзоларининг саломатлиги яхшилиги ҳақида расмий маълумот берди.



