10:27 | 08.08.24
ССВ дориланган полиз маҳсулотлари юзасидан аҳолини огоҳлантирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати дориланган полиз маҳсулотлари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, таркибида нитрат моддаси кўп бўлган тарвуз истеъмол қилинганда унинг нохуш белгилари 4-6 соат ичида пайдо бўлади. Бундай ҳолатда кўнгил айниши, кусиш, ич кетиши, тана ҳароратининг 38-39 даражагача кўтарилиши, қон босимининг пасайиши, юрак уришининг секинлашиши ҳамда қўл-оёқлар совқотиши, тери ранги ўзгариши (кўкариш) каби аломатлар кузатилиши мумкин.
Тарвуз ҳолатининг муҳим кўрсаткичи қизил қисмидаги томирлар рангидир. Агар улар сариқ ёки бинафша тусда бўлса, бундай маҳсулотдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки у тўлиқ пишмаган ёки нитратнинг таъсири бўлиши мумкин. Қолаверса, тарвуз устидаги чизиқлар аниқ ва бир-бири билан аралашиб кетмаган бўлиши керак. Хиралашган чизиқлар унинг нитрат билан тўйинганидан далолат.
Азотли ўғит билан тўйинган тарвуз сув остига чўкади. Агар бўлакланганда қийшиқ эмас, тўғри кесилса, бу ҳолат ҳам унинг кимёвий моддаларга тўйинганлигининг белгисидир.
Шу билан бирга, тарвуз истеъмол қилгандан кейин тоза бўлмаган сув ичиш, овқатланишдан олдин қўллар ва маҳсулотни ювмаслик, полиз экинларини нотўғри сақлаш заҳарланиш хавфини оширади.
Полиз экинларини кесилгандан кейин совиткичда 2-3 соатдан кўп бўлмаган муддатда сақлаш керак.
Бундан ташқари, болалар, айниқса эмизикли гўдакларда резаворлар истеъмолини чеклаш тавсия этилади.
Агар заҳарланиш белгилари пайдо бўлса, шифокорга мурожаат қилиш лозим. Бу ҳолатга юзаки қараш мумкин эмас, ўзини ўзи даволаш қатъиян ман этилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: