Сурхондарёдаги «заправка»да «Жигули» портлади
Ҳодиса оқибатида икки киши вафот этган. Ҳайдовчининг эса ахволи оғирлиги айтилган.
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги газ қуйиш шохобчасида «ВАЗ-2106» автомашинасининг газ баллони портлаган, натижада икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Bugun.uz’га Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Элнур Абраев маълум қилган.

Элнур Абраев билан бўлган суҳбат жараёнида, «Жигули» ҳайдовчиси А.Э.нинг айни вақтда ахволи оғир эканлиги, аммо соғайиши кутилаётгани айтилган.
Мазкур воқеа 19 октябр куни Денов туманидаги «Денов-Мобил» МЧЖга қарашли газ қуйиш шохобчасида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, эркак танишининг машинаси ёрдамида «Жигули»ни ёнилғи қуйиш шохобчасига ҳайдаб борган. Машинага метан гази қуйилаётган маҳал, унга ўрнатилган пропан баллони портлаган.
Натижада машинани шохобчага етказишга ёрдам берган 25 ёшли иккинчи ҳайдовчи ва шохобчанинг 43 ёшли ходими воқеа жойида вафот этган. «Жигули» ҳайдовчиси эса тан жароҳати билан, касалхонага ётқизилган.
Ҳозирда Сурхандарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Андижонда газ баллонининг портлаши оқибатида фуқаро вафот этгани хабар қилинганди.