Сурхондарёда тез ёрдам шифокорлари электроскутерлардан фойдаланишни бошлади
Скутерларда махсус чемодан бўлиб, унда беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча воситалар бор
Сурхондарё вилоятида тез ёрдам шифокорлари «тезкор чақирувлар»да синов тариқасида электроскутерлардан фойдаланишни бошлаган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Сурхондарё вилояти филиалига бир кунда ўртача 3000 дан ортиқ чақириқ келиб тушади. Мурожаатларнинг аксарияти 17:00 дан тунги 01:00 га қадар бўлган вақт оралиғига тўри келади.
Бундай тиғиз пайтда беморларга вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабдан вилоят «Тез ёрдам» хизматида бу масалага инновацион ечим сифатида электроскутерлардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Электроскутерлар тирбандликлар ва ҳаракатланиш қийин бўлган жойларда осон юра оладиган транспорт воситаси саналади.
Шифокорларга берилган электроскутерларда махсус чемодан бўлиб, унда беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши учун барча дори воситалари ва ускуналар бор.
Чақирув бўйича борган фелдшер вазиятга қараб иш тутади. Агар беморнинг ҳолати қониқарли бўлса, унга ўзи ёрдам кўрсатади ва тавсияларини беради. Мабодо беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан тез ёрдам бригадасини ёрдамга чақиради.