17:00 | 12.08.24

                       

Сурхондарёда 32 ёшли эркак вояга етмаган қизга тегажоғлик қилди

Сурхондарёда 32 ёшли эркак вояга етмаган қизни ўлдириш билан қўрқитиб, унга тегажоғлик қилди.

Сурхондарёда вояга етмаган қизга шилқимлик қилган эркакка «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 3 июнь куни 1992 йилда туғилган Б.Ш. (эркак) Ш.М. нинг 2014 йилда туғилган қизи Д.А. га уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уятсиз қилиқлар қилиб, унинг жинсий дахлсизлигига таҳдид қилган.

Ш.М. ҳолат юзасидан маъсулларга мурожаат қилиб, қўшниси Б.Ш. вояга етмаган қизига агар бўлган ҳолатни кимгадир айтадиган бўлса, уни ўлдириш билан қўрқитганлигини, Б.Ш. аёлнинг уйига кириб, қилган ишларини қизи видеотасвирга тушириб олганлигини, бу ҳолат юзасидан тергов органларига хабар берганлигини, лекин улар томонидан тегишли чора кўрилмаётганлигини билдириб, фарзандининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам сўраган.

Болалар омбудсманининг Ички ишлар вазирлигига юборган сўрови асосида Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 7 июль куни Б.Ш. га нисбатан Жиноят Кодексининг 129-моддаси 2-қисми «в» банди (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан 26 июль куни айбланувчи Б.Ш. га нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши материаллари тегишли судга юборилди.