14:36 | 16.08.24

                       

Сурхондарёда 5 ёшли болани калтаклаган боғча тарбиячиси ишдан бўшатилди

Сурхондарёда мустақиллик ҳақида шеър ёдлатиб, 5 ёшли болани калтаклаган боғча тарбиячиси ишдан бўшатилди (видео).

Сурхондарёда боғча тарбиячиси 5 ёшли болани калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу тарбиячи ишдан бўшатилганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда тарбиячи аёл 5 ёшли болага қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео тарқалган.

Маълум бўлишича, воқеа 13 август санасида Сурхондарё вилояти Денов туманининг 16-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлган.

Видеода мустақиллик ҳақидаги шерни ёдлатмоқчи бўлган тарбиячи йиғлаётган тарбияланувчилардан бирига бақириб, гўёки тинчлантириш учун калтаклагани кўринади. Шунингдек, аёлнинг болаларга қарата «қўлинг тиззангда турсин», деган буйруғи ва асабий оҳангдаги овози ҳам эшитилган.

Сурхондарё мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 5-бандига асосан тарбиячи А.Г. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини айтди.

Бундан ташқари, таълим муассасасида маънавий носоғлом муҳит юзага келганлиги, ўз ишида масъулиятсизликка йўл қўйганлиги сабабли Денов туманидаги 16-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг ўз аризасига мувофиқ бекор қилинди.

Воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам ўрганиш ишлари олиб борилаётган бўлиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: