14:42 | 15.08.24

                       

Сурхондарёда боғча тарбиячиси 5 ёшли болани калтаклади

Сурхондарёда боғча тарбиячиси мустақиллик ҳақида шеър ёдлатиб, 5 ёшли болани калтаклади (видео).

Ижтимоий тармоқларда тарбиячи аёл 5 ёшли болага қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео тарқалди.

Маълумотларга кўра, воқеа 13 август санасида Сурхондарё вилояти Денов туманининг 16-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлган.

Видеода мустақиллик ҳақидаги шеъни ёдлатмоқчи бўлган тарбиячи йиғлаётган тарбияланувчилардан бирига бақириб, гўёки тинчлантириш учун калтаклагани кўринади. Шунингдек, аёлнинг болаларга қарата «қўлинг тиззангда турсин», деган буйруғи ва асабий оҳангдаги овози ҳам эшитилган.

«Тарбиячи болани уриб, кетидан мустақиллик ҳақида болалардан сўрайди, мустақиллик ҳақида шеър ёдлатади. Бунга йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмайди одам. Зўравонлик, жаҳолат, нафрат, мустақиллик.

Қўйсангизчи, болаларга мустақилликни шунақа ўргатяпсизми, Гулрух Авазова? Мустақиллик ҳақида гапирганда ўзингиз ниманидир ҳис қиляпсизми? Овозингиз бунча асабий? Умуман, сизда қаердан бунча аламзадалик, асабингиз жойида бўлмаса сизга боғчада пишириб қўйибдими? Бола, умуман, одам, тирик жон йиғлаши мумкинлигини ва бу абсолют нормал жараёнлигини тушунасизми? Йиғлаган болани уриб тинчлантирадими? Йиғлаган болани қучоқлаб, суйиб, жуда бўлмаса бирозга ўз ҳолига қўйиб тинчлантирмайдими? Ўзингиз уйингизда болангиз йиғласа калтаклаб жим қиласизми?», дейди видео муаллифи Дилбар Эламанова.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: