13:09 | 20.09.24

                       

Сурхондарёда чиқинди учун аҳолидан ортиқча 3,2 млрд сўм тўлов олинди

Сурхондарёда чиқинди ташиш хизмати аҳолидан ортиқча 3,2 млрд сўм тўлов олгани аниқланди.

Сурхондарё вилояти «Тоза ҳудуд» ДУКга ортиқча олинган 3,2 миллиард сўм маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатма берилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қўмитанинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси 2024 йил 2-ярим йиллик иш режасига мувофиқ Сурхондарё вилояти «Тоза ҳудуд» ДУКда аҳолига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ҳолати ҳамда истеъмолчилардан кўрсатилмаган хизматлар учун пул олиш ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказган.

Ўрганиш ва таҳлилларда мазкур вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК мавжуд тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда, яъни тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилмасдан (тасдиқламасдан) ёки келишиб олмасдан қўлланиши натижасида 522,6 миллион сўм, кўрсатилмаган хизмат учун 2,7 миллиард сўм, жами 3,2 миллиард сўм миқдорида ортиқча даромад олингани ҳолати аниқланган.

Маълум қилинишича, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 722-сонли қарори билан тасдиқланган Низоми талаблари бузилгани аломатлари билан «Тоза ҳудуд» ДУКга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди.

Шунингдек, 3,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: