9:48 | 09.07.24

                       

Сурхондарёда «ГАИ»ни ҳақорат қилган ака-ука қамалди

«Қўлингдан келганини қил, ҳеч нарса қила олмайсан». Сурхондарёда ЙПХ ходимини ҳақорат қилган ака-ука қамалди (видео).

Сурхондарё вилояти Денов туманида ЙПХ ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, уни ҳақорат қилган ака-укага чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 26 июнь куни Деновда икки ака-ука хизматга жалб этилган ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармай, қасддан ҳуқуқбузарлик содир этган. Шу кунни ҳуқуқбузарлар ИИБга олиб келинган ва уларнинг ҳаракатига нисбатан тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилган.

Видеога кўра, ака-укалардан бири ходимга қараб «Қўлингдан келганини қил, ҳеч нарса қила олмайсан», деб, ҳақоратли сўзлар билан сўкинган.

Суд қарори билан ака-ука Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик), 194- (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 135-моддаларида (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: