Қонунчиликка кўра, Маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилиши белгиланган.
Тадбиркор хотин-қизларга 3 миллиондан 60 млн сўмгача давлат гранти ажратилади
Ҳужжатлар белгиланган талаблар асосида 10 июнгача қабул қилинади
Хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар учун тадбиркорларга давлат гранти ажратилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова маълум қилди.
Марказларда битта ижтимоий лойиҳа доирасида 20 нафаргача хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида бандлиги таъминланадиган ҳар бир нафар ишсиз хотин-қиз учун тадбиркорларга 3 миллиондан 60 млн сўмгача давлат гранти ажратилади.
Ажратилган давлат гранти ижтимоий лойиҳани амалга ошириш мақсадида марказларда ташкил этиладиган тикувчилик, қандолатчилик, пазандачилик ва турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш учун зарур бўладиган дастгоҳ, ускуна ва жиҳозлар харид қилишга йўналтирилади.
Ҳужжатлар 2023 йил 10 июнгача қабул қилинади.
Ҳужжатлар тадбиркорлик субъекти фаолиятини олиб борадиган марказлар жойлашган туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари – Оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қиладиган ишчи гуруҳларига топширилади.
Давлат гранти қуйидаги тоифадаги хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашишга қаратилган лойиҳалар учун ажратилади:
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га, шунингдек «Аёллар дафтари»га киритилган;
- ишсиз, айниқса, қишлоқ жойларда бола тарбияси билан шуғулланаётган;
- хорижий меҳнат миграциясидан қайтиб келган;
- ногиронлиги бўлган меҳнатга лаёқатли ишсиз;
- норасмий бандликни қисқартириш мақсадида кундалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, даромад топаётган;
- одам савдосидан ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, мушкул иқтисодий аҳволга тушиб қолган;
- умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларини тугатган, ОТМга ўқишга кира олмаган ёки олий таълимда ўқиш учун имконияти бўлмаган ишсиз хотин-қизлар;
- муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган, профилактик рўйхатга олинган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган хотин-қизлар.