Таниқли вайнер Дилшод Ўразбоев қамоққа олинди
Блогерга нисбатан жиноят иши қўзғатилган
Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда Dili.me номи билан танилган машҳур вайнер 10 март куни ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳақида хабар берди.
Дилшод Ўразбоев ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар 23 январ куни фуқаро П.А.ни уриб, унга тан жароҳати етказган.
«Dili.me номи билан танилган вайнер шериклари билан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро П.А.ни уриб, тан жароҳати етказишган», дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчи Дилшод Ўразбоев бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан бўйин товлаб келган.
Шундан сўнг унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Тезкор қидирув ҳаракатлари давомида Дилшод Ўразбоев 10 март куни ушланиб, терговга жалб қилинган.