16:20 | 16.06.23

                       

Танзила Нарбаева Женевада қатор мамлакатларнинг ҳукумат вакиллари билан музокаралар ўтказди

Мулоқотда давлатлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди

Халқаро меҳнат конференсиясининг 111-сессиясида иштирок этиш доирасида Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси ХМТнинг ихтисослашган тузилмалари раҳбарлари ҳамда қатор мамлакатларнинг ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ташрифнинг навбатдаги кунида Сенат Раиси АҚШ меҳнат вазирининг ташқи ишлар бўйича ўринбосари Теа Ли ҳамда АҚШнинг халқаро меҳнат масалалари бўйича махсус вакили Келли Фей Родригес билан музокаралар ўтказди.

Урашув давомида Т.Нарбаева меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтди.

Реал натижаларга эришиб, меҳнат соҳасидаги муаммонинг сиёсий қисмини ҳал қилганимиздан сўнг асосий амалий иш кўлами бошланди, яъни муносиб бандлик шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш устувор вазифага айланди, — деди Сенат Раиси.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўз навбатида Теа Ли Ўзбекистондаги меҳнат муносабатлари соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ХМТ билан ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини юқори баҳолади. Ўзбекистон ХМТ ва Ташкилотга аъзо асосий давлатлар билан болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласида қисқа вақт ичида конструктив ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришганини олқишлади.

Учрашув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан манфаатдор идоралар билан маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олинди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Германия меҳнат ва ижтимоий масалалар федерал вазири Хубертус Хайл билан бўлган музокараларда эса асосий эътибор ушбу мамлакат билан биргаликда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, бандлик дастурларини ижтимоий ҳимоя билан боғлаш ва ушбу тармоқларни рақамлаштириш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига қаратилди.

Т.Нарбаева йил сайин қамрови кенгайиб бораётган олий даражадаги сиёсий мулоқот туфайли мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, шу жумладан, меҳнат муносабатлари йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини, меҳнат соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, иш берувчилар салоҳиятини ошириш борасида Германия тажрибаси муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Х.Хайл икки томонлама алоқаларнинг ижобий динамикасига тўхталиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очаётган меҳнат муносабатлари соҳасидаги келишувларни юқори баҳолади. Германия меҳнат жараёнларини фаоллаштириш ва бунинг учун ишончли ҳуқуқий асос яратиш орқали иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини алоҳида қайд этди.

ХМТнинг БМТдаги махсус вакили Беате Андреес билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни яна-да кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Беате Андреес ўз навбатида минтақавий идоранинг Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлиги давом эттирилишини таъкидлади.

Мамлакатингиз қисқа вақт ичида эришилган ютуқлар туфайли минтақа давлатлари орасида илғор ўринни эгаллайди. Ташкилотимиз билан яна-да очиқ ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонда сиёсий ирода мавжудлигини амалда ҳис қиляпмиз. Шу муносабат билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи ХМТ минтақавий ваколатхонасининг устувор эътиборида бўлади, — деди Б. Андреес.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Т.Нарбаева ўз сўзида Ўзбекистон ҳамиша халқаро меҳнат стандартларига риоя қилишга содиқлигини, бу йўналиш сиёсатимизда устувор бўлиб қолишини, ХМТ билан изчил ҳамкорликни меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: