10:51 | 04.11.23

                       

Тошкентдаги ош марказлари: Регистон oш, Камолон ош ва бошқалар

Ошнинг турлари, қаерларда тайёрланиши, вужудга келиш тарихи ҳақида билиб олинг. Расм ва видеолар

Ош Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонда энг кўп тарқалган таом туридир. Республиканинг ҳар бир вилоятида ош тайёрлашнинг турфа хил усуллари мавжуд. Ош нафақат Марказий Осиё халқлари ошхонасида, балки, шарқнинг яна бир қатор минтақаларида севиб тавоввул қилинади. Хусусан, Яқин Шарқ ва Ҳиндиcтон минтақаларида ҳам ошнинг яна бир қатор турлари бўлиб, ош ушбу минтақа ошхонасидан ҳам жой олган.

Фото: Ижтимоий тармоқлардан / Суратда Ўзбекистонда кенг тарқалган ош турлари акс этган.

Ош қаерда вужудга келган?

Ош жуда ҳам қадимги таомлардан ҳисобланиб, келиб чиқиш вақти ва ўрнини билиш жуда мушкул ҳисобланади. Турли маълумотларга кўра, ошнинг тайёрланиш услуби эрамиздан аввалги II—III асрларда қадимги Яқин Шарқ, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон яриморолида кашф этилган. Айнан шу вақтда Осиёда гуруч етиштириш юксалган бўлган.

Ошнинг тарихи қандай?

Ундан анча аввал қадимги Хитой ва Япония диёрларида гуруч етиштириш юқори ўринга чиққан, аммо уларнинг гуруч тайёрлаш услуби ош тайёрлаш услубидан кескин фарқлангани боис тадқиқотчилар ва олимлар ошнинг қадимги ватани деб айнан Яқин Шарқ, Ўрта Осиё ҳамда Ҳиндистон яриморолини қайд этишган. Ўтмишда Ҳиндистон яриморолида гуручни қайнатиш ва димлаш услуби мажжуд бўлган. Кейинроқ, қадимги Эронда унга гўшт ва бошқа масаллиқлар қўшилиши бошланган. Олимлар шу тарзда ош кашф этилган деб ҳисоблашади.

Фото: Ижтимоий тармоқлардан / Суратда Ўзбекистонда кенг тарқалган ош турлари акс этган.

Тарих китобларида ошнинг тавcифи

Қадимги араб ва форс адабиётининг энг ёрқин намуналаридан бири, «Минг бир кеча» асарида ҳамда IХ—Х аср қўлёзмаларида ошнинг байрамона таомлиги тўғрисида фикр юритилган. Масалан, уларнинг баъзиларида (ош) палов — пилав, пилаф дея аталган. Тадқиқотчилар фикрича, Яқин Шарқда вужудга келиб, муайян ривожланишга эришганидан кейин, ош Ўрта Осиёда ривожлана бошлаган ҳамда ушбу халқларнинг ош тайёрлаш услуби ва ишлатган масаллиқлари ошнинг бугунги кундаги кўринишига олиб келган.

Ош қаерларда истеъмол қилинади?

Ҳозирда ош Ўрта Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва Туркияда ниҳоятда кенг тарқалган таом туридир. Шарқий Европа ва Болқон ярим оролининг айрим ерларида ош севиб истеъмол қилинади ҳамда турли хил тайёрланиш услублари мавжуд.

Ош Европада

Ғарбий Европада ош ҳақидаги илк манбалар ХVII асрнинг охирларига тўғри келади. Туркияга жўнатилган Франция элчилари ватанларига қайтгач, халқ ва қиролга жуда яхши маълумотларни беришган. Шундан сўнг, бу таом ҳақида Ғарбий Европада унутишган ва фақат ХIХ асрда ош рецепти Сувайш канали қурувчилари томонидан Европага қайтарилган.

Ғарбда ош тайёрлаш жойлари

Ҳозирга келиб ош Европа, Россия, АҚШ ва Канаданинг қарийб барча шаҳар ва штатларида тайёрланади. Мухожирлар тайёрлайдиган оддий тамаддихонадан тортиб, миллий таомлар тайёрлайдиган ресторанлар менюсида ҳам ошни учратиш мумкин.

Фото: Ижтимоий тармоқлардан / Суратда Ўзбекистонда кенг тарқалган ош турлари акс этган.

Ош Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган

Ош UNESCO’нинг маданий мерос рўйхатига ҳам киритилган. 2017 йилнинг 17 август куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида, ОКМК ҳомийлигида 6 тонна ош тайёрланди. 2017 йилнинг 8 сентябр куни Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасида, Миллий ТВ телеканали ҳомийлигида «Guinnes» рекордлар китобидаги ошга оид рекордни янгилаш мақсадида 7 тоннадан зиёд ҳажмдаги қозонда ош тайёрланди. 2018 йилнинг 14 январ куни Сурхондарёнинг Денов туманида 9 тонна ҳажмда ош тайёрланиб, рекорд янгиланган.

Қандай ош турлари бор?

Дунё бўйлаб ошнинг турфа хил турлари мавжуд. Ҳар бир халқ ўз миллий ошхонасидаги масаллиқлардан келиб чиққан ҳолда ош тайёрлайди ва бунда таом турларга бўлиниб, хилма-хил кўринишга эга бўлади.

  • Марказий Осиё халқлари оши
  • Форсча ош
  • Уйғурча ош
  • Ўзбекча ош
  • Фарғонача ош (қовурма ош)
  • Коваток ош
  • Ивитма ош
  • Самарқанд ош
  • Саримсоқли ош
  • Беҳили ош
  • Шодибек ош
  • Долмали ош
  • Беданали ош
  • Какликли ош
  • Помидор қуймоқли ош
  • Қазили ош
  • Постдумба ош
  • Қартдумба ош
  • Мошли ош
  • Нўхатли ош
  • Ловияли ош
Фото: shosh.uz / Суратда ош тайёрлаш учун масаллиқлар тасвирланган.

Тошкент шаҳридаги ош марказлари

Тошкент шаҳрида ош тайёрлаовчи кўплаб кафелар, ошхоналар ва ресторанлар бор. Пойтахтда Республиканинг кўплаб вилоятларидан одамларнинг келиши ва улар истеъмол қилувчи ош турларининг тайёрланиши сабаб, Тошкентда турфа хил ош тайёрловчи марказлар мавжуд. Тошкентда:

  • «Plov city» ош маркази
  • «Регистон» ош маркази
  • «Камолон» ош маркази
  • «Бешқозон» ош маркази
  • «Номдор» ош маркази
  • «Сам Ош» кафеси
  • «Паловҳон» ош маркази кабилар фаолият юритади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: