17:32 | 24.09.24
«Бектемир – Чирчик – Газалкент – Чорвоқ» йўлнинг 6 км дан 77 км гача бўлган йўл участкаси қайта қурилиб, асфальтобетон қопламаси ётқизилади. Йўлнинг бир қисми пуллик бўлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарияти ва Onur Group компанияси ўртасидаги учрашувда Тошкент вилоятидаги 4R12 «Бектемир – Чирчик – Газалкент – Чорвоқ» йўли реконструкция қилиниб, йўлнинг бир қисми пулли йўлга айлантирилиши муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, йўлнинг 6 км дан 77 км гача бўлган йўл участкаси қайта қурилиб, асфальтобетон қопламаси ётқизилади.
Бу йўлнинг реконструкцияси Туркиянинг Onur Group компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин. Компания йўл ва туннел қурилиши соҳасида кенг тажрибага эга. Onur Group йўл қурилиши ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки каби йирик молиявий институтлар билан ишлаган.
18 сентябрда Onur Group ва вазирлик мутахассислари лойиҳа участкасини ўрганиб, баҳолаш ўтказган.
Учрашувда тарафлар йўлни пулли қилиш ва реконструкция қилиш лойиҳаси учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва кейинги ҳаракатларни келишиб олди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: