20:59 | 06.10.23
Мурожаатчилар орасида Самарқандда аҳволи ёмонлашиб қолган Кевин Спейси ҳам бор.
2023 йилнинг 29 сентябр-2 октябр кунлари Ўзбекистонда «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтгани, унда 52 давлатдан 300 дан ортиқ меҳмон иштирок этгани ҳақида хабар берилганди.
Ушбу кинофестивал доирасида иштирокчилар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига мурожаат йўллади.
Мурожаатномада киноижодкорлар 1958 йилдан бошланган Тошкент халқаро кинофестивали Президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2021 йилда қайта тиклангани, биринчи кинофестивалда Осиё ва Африка давлатлари иштирок этгани, кейинчалик улар қаторига Лотин Америкаси киноижодкорлари ҳам қўшилгани ва бу билан Тошкент кинофестивалининг географияси янада кенгайиб бораётганини таъкидлаб ўтган.
Улар, шунингдек, янги форматда қайта тикланган бу галги кинофестивал «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» шиори остида бўлиб ўтгани, унинг доирасидаги ўнлаб хорижий киноижодкорлар иштирокидаги ўзига хос, кенг ҳамда пухта ўйланган таълим дастурини алоҳида таъкидлаган.
Янги Ўзбекистонда индустриал инфратузилманинг жадал ва кучли ривожланаётгани ҳақида:
«Алишер Навоий номидаги Киночилар уйи, Кино тарихи музейи, қайта тикланган «Ўзбекфильм» киноконцернининг юқори технологияли павильонларида бўлдик, техник жиҳозлар ва 3D-студиялар, Тошкент шаҳридаги DCP проекцияли замонавий кинотeaтрлар ва бошқа кўплаб янгиликлар билан танишдик. Ихтисослашган таълим муассасаларининг очилишини эса миллий кино келажаги учун муҳим ҳисса сифатида қабул қилиш мумкин» деган мурожаатнома муаллифлари.
Бундан ташқари, Тошкент кинофестивалида нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатлари ёш авлоди учун мўлжалланган таълим дастурлари ва ижодий учрашувларига алоҳида эътибор қаратилган.
Мурожаатнома якунида кинофестивал иштирокчилари Янги Ўзбекистоннинг кино санъатини ривожлантиришда ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдириб ўтган.
«Биз кино ривожига профессионал ҳиссамиз билан ёрдам беришга тайёрмиз. Бу нафақат кино саноатини янада ривожлантиришга, балки янги авлод таълим ва тарбиясига ҳам хизмат қилади. ХV Тошкент халқаро кинофестивалининг барча иштирокчилари номидан меҳмондўстлик ва яратилган шарт-шароитлар учун самимий миннатдорлик билдиришга, мустаҳкам соғлик ва Янги Ўзбекистон фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда улкан муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз» деган иштирокчилардан бири.
Маълумот учун, ушбу мурожаат остида юзлаб машҳур кино намояндалари, жумладан, икки карра «Оскар» мукофоти совриндори Кевин Спейси (АҚШ), Венеция кинофестивалининг «Олтин шер» мукофоти, Канн кинофестивалининг иккита «Олтин пальма новдаси» мукофоти совриндори Эмир Кустуритса, Венеция кинофестивалининг «Олтин шер» мукофоти совриндорлари Кшиштоф Зaнусси (Полша) ва Александр Сокуров (Россия), Берлин кинофестивалининг икки карра совриндори Петро Марчелло (Италия), «Олтин глобус» совриндори Сиддиқ Бармак (Афғонистон/Франция), «Оскар» мукофотига номзод режиссёр Ҳассан Назери (Буюк Британия), француз киноси юлдузи Сами Насери, «Олтин бургут» мукофоти совриндори Алексей Учител (Россия), Грузияда хизмат кўрсатган артист, продюсер ва режиссёр Иракли Квирикадзе, Россияда хизмат кўрсатган артист Елизавета Боярская, ROSKINO бош директори Екатерина Наумова, «Тожикфильм» давлат муассасаси директори Маҳмадсаид Шоҳиён, «Қозоқфильм» АЖ президенти Азамат Сатибалди, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги Кинематография департаменти директори Ақжол Бекболотов, SE-SАМ кинопродюсерлар ва сценарий муаллифлари гильдияси раиси Меҳмет Соярслан (Туркия) ва бошқалар ўз имзоларини қолдирган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: