Тошкент вилоятида ғалладан бўшаган ер майдонида ёнғин содир бўлди
Ёнғин натижасида табиатга жами 118 млн 82 минг 896 сўм миқдорда зарар келтирилган
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти, Чиноз туманида ғалла майдонида сомонпоя қолдиқлари ёқилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат Экология вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти Экология бошқармаси масъуллари томонидан ўрганилди.

Маълум бўлишича, ёнғин Чиноз тумани, «Тиллатопган» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автомагистрал йўл бўйида жойлашган «Чиноз Тўйчиев Сардор даласи» фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган ер майдонида содир бўлганлиги аниқланди.
Масъуллар 11,6 гектар сомонпоя қолдиқлари ёқилганлигини маълум қилди. Ёнғин натижасида дала чегара қисмида экилган 20 туп тут дарахти ўсишдан тўхтамаслик даражасида шикастланганлиги, 11 туп тут дарахти эса ўсишдан тўхташ даражасида кесилгани айтилди.
Фермер хўжалиги раҳбари A.Й. воқеа жойида ҳақиқатдан ҳам фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган ер майдонида сомонпоя қолдиқлари ёқилганлиги юзасидан ёзма равишда тушунтириш берганлиги айтилмоқда.
Ёнғин натижасида тупроқдаги гумус ва азот моддалари йўқотилгани, тупроқ унумдорлигига 24 миллион 692 минг 896 сўм миқдорида зарар етказилгани маълум қилинди.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарори 4-иловасига асосан ўсимлик дунёсига етказилган зарар 73 миллион 590 минг сўмни ташкил этиши ҳам аниқланди.
Умумий олганда ғалладан бўшаган майдонни ёқиш ва дарахтларни кесиш натижасида табиатга жами 118 миллион 82 минг 896 сўм миқдорда зарар келтирилган.
Ўрганиш ишлари давомида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун туман прокуратурасига топширилгани айтилмоқда.