16:21 | 03.10.24

                       

Тошкент вилоятида фуқаро 30 дан ортиқ кобраларни очиққа қўйиб юборди

Янгийўл туманида фуқаронинг уйида сақланган 30 дан ортиқ кобралар қўйиб юборилди. Маҳаллий аҳоли томонидан 2 таси тутиб ўлдирилган. Экология бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида илонлар қўйиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Экология бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Аниқланишича, 2 октябрь куни ҳолати бўйича туман Экология бўлими, туман Ички Ишлар бўлими, туман Фавқулода вазиятлар бўлими, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, туман Ободонлаштириш бўлими ходимлари ҳамда МФЙ раиси ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳ тузулган.

Туябўғиз МФЙда яшовчи 1980 йилда туғилган фуқаро Н.Ю. хонадонида 30 дан ортиқ «Осиё кобра» илонларини тегишли руҳсатномаларсиз сақлаб келган. Номаълум сабабларга кўра, фуқаро хонадонида сақланаётган илонлар очиққа қўйиб юборилган. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли томонидан аниқланиб, 2 та кобра илони тутиб ўлдирилган.

Ҳозирги вақтда ишчи гуруҳ томонидан шу яқин атрофда яшовчи аҳоли хонадонларида дорилаш ишлари олиб борилиб уй ҳайвонларини вақтинча тутқунликда сақлаб туриш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Фуқарога нисбатан ИИБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинади. Ҳолат юзасидан батафсил маълумот берилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: