16:55 | 13.08.24
Тошкентдаги меҳрибонлик уйида 16 ёшли йигит калтаклангани юзасидан расмий ахборот берилди.
Тошкентда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўз тенгдошини аёвсиз калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. ИИББ матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 5 август куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қизил-сув маҳалласида жойлашган Меҳрибонлик уйи оромгоҳида (Чилонзор туманидаги 22-сонли меҳрибонлик уйидан келган) тарбияланувчилар ўртасида содир бўлган.
Оромгоҳга дам олишга келган 3 нафар (2008 й.т. С.Х., Д.И ва В.Л) тарбияланувчилар ўзаро жанжаллашган ва ушбу ҳолатни бошқа бир тарбияланувчи видео тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ҳудудий ички ишлар бошқармаси ходималари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳолат назоратга олингани маълум қилинган эди.
«Айни вақтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Миллий гвардия масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ўрганиш олиб бораётганини билдирамиз. Ўрганиш натижалари ва хулосалари юзасидан тез кунда қўшимча маълумот ва ахборот берилади», дейилган агентлик хабарида.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: