15:00 | 14.08.24
«Мен қаттиқ шокка тушдим, ҳалигача ўзимга кела олмайман». Тошкентда 18 ёшли қизда ОИТС аниқланди.
Тошкентда яшовчи аёл ўзининг қизи ОИТС инфекциясига чалинганини 17 йилдан сўнг билди.
Маълум қилинишича, ОИТСга чалинган қиз чақалоқлигида реанимация бўлимида ётганда, унинг томирига эски «катетор» қўйилган ва бу орқали қизга ушбу касаллик юққан.
«Асабий бўлиб кетган. Мактабда психологик тестлар ўтказиб, кактуслар расмини чиздирса, қизим мен фақат кактус нинаси бўламан деб айтади. Қизимни бурнини ренопластика қилдирмоқчи эдик, анализ топшириб келишимизни сўрашди. Анализда ОИТС анализи ҳам мавжуд экан. У анализга топширганимизда, ОИТС касаллиги қизимда борлигини билдик», — деди қизнинг онаси.
Аёл қизи ОИТС инфекциясига чалинганини 1 йил олдин билган.
«У пайтда ҳозиргидек Англия ‘катетор’лари бўлмаган. У пайтда қайнатиб қўйиладиган эди ҳаммаси. У яхши қайнатилмагани учун бошқа касалдан қолиб кетган игнадан мени қизимга ўтган экан. Қизим ёш. Энди катта ҳаётга қадам қўядиган, севиб, севиладиган пайтида шу иш бўлди. Мен қаттиқ шокка тушдим, ҳалигача ўзимга кела олмайман», — деб айтди қизнинг онаси.
Бугунги кунда касаллик 80 фоиз ҳолатда жинсий йўл билан юқиши аниқланган. Аммо, баъзида эътиборсизлик оқибатида ҳам ушбу касалликни орттириб олиш ҳолатлари бор.
«Қизим кўп шамоллар эди. Иммунитети жуда паст эди. Лекин шунча шифокорларга кўрсатганман қизимни, биронта шифокор менга шу анализга топшириб кўринг деб айтмаган», — деди она.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Тошкент вилоятида 13 мингдан ортиқ одам шу касаллик билан рўйхатдан ўтган. Касалликка чалиниш бўйича Тошкент шаҳар биринчи, Тошкент вилояти эса учинчи ўринда турибди.
Аввалроқ, Фарғонада аёл иккинчи марта бегона эркакка ОИТС юқтиргани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: