16:46 | 16.08.24
Тошкентда 25 ёшли йигит танишига қайчи санчиб, оғир тан жароҳати етказди.
Тошкентда фуқаро танишига қайчи санчиб, унинг меҳнат фаолиятининг 33 фоизини йўқотишга сабаб бўлди.
Қайд этилишича, айбланувчи дўконига танишини сотувчи лавозимида ишга олган. Жабрланувчи эса дўконда ҳар хил ноқонуний ишларни амалга оширган ва маҳсулотларни белгиланган нархдан қимматга сотган.
Айбланувчи танишининг бу каби ҳатти-харакатларидан жаҳли чиқиб, 27 май куни унга хатоларини айтган. Оқибатда, уларнинг ўртасида жанжал чиққан.
Жаҳл таъсирида айбланувчи пештахта устида турган қайчини олиб, жабрланувчига санчган. Уларни ёнидаги дўкон сотувчиси ва расталарни айланиб юрган харидорлар уларни ажратиб, тегишли жойларга қўнғироқ қилишган.
«Жаҳл келганда, ақл кетар, деб донолар бежиз айтишмаган. Айбланувчи шеригининг қинғир ишларидан хабардор экан, айбларини айтиб, оддийгина ишдан бўшатиб юбориши мумкин эди. Афсуски, таниши бўлгани учун юзидан ўта олмаган. Охири эса ўзига жабр бўлди», — дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси.
Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига ҳаёт учун хавфли жароҳатлар етказилганлиги, умумий меҳнат фаолиятининг 33 фоизини йўқотишга сабаб бўлганлигини тасдиқлади.
1999 йилда туғилган, маълумоти ўрта, икки нафар фарзандли, илгари судланмаган айбланувчи Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «л» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор, деб топилди. Суд мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, айбланувчини ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: