20:12 | 10.07.24

                       

Тошкентда 39 ёшли эркак қўшниси билан уришиб, унинг машинасига шикаст етказди

Тошкентда 39 ёшли эркак қўшниси билан уришиб, унинг Malibu машинасига шикаст етказди. Судда ҳуқуқбузардан 12 млн сўмлик моддий зарар ундириш белгиланди.

Тошкентда қўшнисининг машинасига шикаст етказган ҳуқуқбузар 7 суткага қамалди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкентда яшовчи 1988 йилда туғилган Д.А. қўшниси 1985 йилда туғилган К.А. билан жанжаллашган. Улар бир бирига енгил тан жароҳати етказган. К.А. эса Д.А.нинг аёлига тегишли Malibu русумли автомобилни ўзининг Nexia машинаси билан уриб, шикастлаган.

Судда Д.А.нинг айтишига кўра, у ва аёлининг ўртасида машинани парковка қилиш бўйича келишмовчиликлар бўлган. У ўша куни ишдан қайтиб, ҳаммомга кириб кетганда, қўшниси К.А. уйга келган ва эшикни аёли Д.А. очган. Д.А. ҳаммомдан чиққанда, қўшниси аёлини ураётганини кўрган ва у қўшнисини чиқариб юборган. Қўшниси иккинчи маротаба уйга кирмоқчи бўлганда, у К.А.ни итариб юборган, лекин урмаган. Шундан сўнг, К.А. жаҳл қилиб, ўз машинаси билан Д.А.нинг аёлининг машинасини урган. Д.А. ҳозиргача келишмовчиликлар давом этаётгани, бир бири билан ярашмаслигини, қўшнисига оғирроқ жазо беришни сўради.

К.А.нинг кўрсатмаларига кўра, 2022 йилдан буён қўшниси Д.А. автомашинасини унинг ёнига парковка қилишда унга халақит бериб келган. Шу боис К.А. эрталаб, автомашинаси турадиган жойда металл устун қоқтириб, Д.А. ва ўзининг автомашинаси турадиган жойни ажратиб қўйган. Ўша куни соат тахминан 17:00 ларда турмуш ўртоғи унга телефон қилиб, Д.А. унинг уйига келиб ҳақорат қилиб, қизи К.К.ни урганини айтган. К.А. зудлик билан уйига етиб келиб, автомашинасини жойлаштираётган вақтида уни уйнинг 4-қаватдан кузатиб турган Д.А. ножўя сўзлар билан ҳақорат қила бошлаган. У Д.А.нинг яшаш хонадонини эшикларини қўнғироқларини босганида, у эшикни очмагач, уй эшигини тепган. Д.А. эшикдан чиқибоқ уни ҳақорат қилгани учун К.А. ҳам уни ҳақорат қилган. Шу вақтда Д.А.нинг эри Д.А.чиқиб, қўшнисини уриб тан жароҳатлари етказа бошлаган. Уларни бошқа қўшнилар ажратиб олишган. Сўнгра К.А. ўзининг иши билан кетмоқчи бўлиб, Nexia 3 русумли автомашинасини бошқармоқчи бўлганида, эҳтиётсизлик орқасида Д.А.нинг Malibu 2 русумли автомашинасига тўқнашиб кетган. Шунингдек, К.А. судда Д.А.лар уни қасддан шикаст етказишда айблашаётганликларини, ўзи келишишга ҳаракат қилган бўлсада, улар келишмаётгани, оиласининг тинчлиги учун яшаш хонадонини сотишга қўйгани, Д.А.нинг автомашинасига етказилган зарарни суғурта ташкилоти қоплаб бериши лозимлигини, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.

Суд хулосасига кўра, К.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 52-моддасининг 2-қисми ва 612-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 52-моддасининг 2-қисми базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 (тўрт) баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Бундан ташқари, К.А. га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 612 моддасининг 2-қисми билан 7 (етти) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ҳуқуқбузар К.А.дан Д.А. фойдасига 12.253.032 сўмлик моддий зарар ундирилиш белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: