Тошкентда 8 ёшли қизга тегажоғлик қилган катта ёшли киши ушланди
Эркак вояга етмаган қизни қаршилигига қарамасдан уни ўпиб, уятсиз-бузуқ ҳаракат содир этган.
Ижтимоий тармоқларда ёши катта шахс вояга етмаган қизни қаршилигига қарамасдан уни ўпиб, уятсиз-бузуқ ҳаракат содир этгани акс этган видео бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Қайд этилишича, 8 август куни тахминан соат 18:30 ларда 63 ёшли М.И. Мирзо Улуғбек тумани Буюк ипак йўли кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирининг орқа тарафидаги йўл четида ўтирган вояга етмаган 8 ёшли Ш.У.га нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган.
Мазкур ҳолат бўйича жабрланувчининг ота-онаси томонидан ИИОга ариза тушмаган, — дейилади Тошкент шаҳар ИИББ ахборотида.
Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Наманганда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган шахсга қидирув эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.