12:12 | 10.07.24

                       

Тошкентда банкдан 370 млрд сўм ўғирламоқчи бўлганлар ушланди

Тошкентда банкдан 370 млрд сўм ўғирламоқчи бўлганлар ушланди. Банк мутахассиси мижозларнинг ҳисобрақамларига кириш кодини 6,5 минг долларга сотган.

ДХХ Тошкент шаҳрида банкдан пул ўғриламоқчи бўлган кибержиноятчиларни ушлади.

Маълумотларга кўра, улар банк ҳисобрақамлари ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган пулларини хакерлик ҳужуми орқали ўзлаштиришга уринган.

Тошкент шаҳридаги банклардан бирининг собиқ ходими ҳозирги кунда мазкур банкда мутахассис лавозимида ишловчи танишидан банкнинг дастурий таъминоти ва ҳисобрақамларига кириш имкониятини берувчи кодларни 6,5 минг доллар эвазига сотиб олган.

Сўнгра, у муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун уч маротаба судланган 51 ёшли шахс ҳамда 35 ёшли фуқаро билан ўзаро тил бириктирган. Дастлаб банк ҳисобрақамларида ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган жами 370 миллиард сўм маблағни хакер жалб қилган ҳолда ўғирлашни, кейин эса оффшор ҳудудлар орқали чет элдаги танишларига тегишли ҳисобрақамларга ўтказишни режа қилган.

Қонунбузарлар 189 миллиард сўмни чет эл валютасига конвертация қилишга ва оффшор ҳудудлар орқали хориждаги ҳисобрақамига ўтказишга уринган вақтларида жиноят устида қўлга олинган.

Аниқланишича, улар ўз режалари амалга ошган тақдирда, гўёки банкнинг дастурий таъминотига чет элдан хакерлик ҳужуми бўлгани тўғрисида ёлғон маълумот тарқатишни режалаштиришган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: