11:27 | 20.06.24
Тошкентда вақти-вақти билан бурқа-ҳижоб ўраб юришни ёқтирадиган 22 ёшли йигит ушланди (фото).
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 19 июнь куни жамоат жойида юзини таниб бўлмас даражада ёпиб юрган йигит ушланди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.
Маълумотларга кўра, «Чорсу» бозори олдида қора рўмол кийган, аёл кўринишидаги шахс ўз ҳаракати орқали шубҳа уйғотгани учун туман ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Сўнг шахсига аниқлик киритиш мақсадида туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига олиб борилган.
Текширув вақтида ушбу шахс Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи 22 ёшли Б.П. (эркак) экани аниқланган.
Суриштирув давомида у 2023 йил октябрь ойида Россиянинг Москва шаҳрига ишлаш мақсадида кетиб, 2024 йил 17 июнда қайтгани, 19 июнь куни «Чорсу» бозори томонга айланиш мақсадида келгани маълум бўлган.
«У ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда қонуний талабга бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган. Суриштирув давомида фуқаро ёшлик чоғидан буён аёлларга хос кийинишга қизиқиб, кўча-кўйда овоз тонини майин қилиб, аёллар овозига ўхшатиб гапириши, вақти-вақти билан бурқа-ҳижоб ўраб юриши аниқланди», — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194- (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195- (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 184−4-моддалари (жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш)га асосан хужжатлар расмийлаштирилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: