15:22 | 08.07.24
Тошкентда эркак 80 ёшли аёлни зўрламоқчи бўлди. Суд унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.
Тошкент шаҳрида ёши катта аёлга шилқимлик қилган эркак маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Bugun.uz мазкур ҳодиса бўйича суд ҳужжати билан танишди.
Маълум қилинишича, 1969 йилда туғилган Р.С. 2024 йилнинг 4 июль куни Мирзо Улуғбек тумани, «Жасорат» маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи 80 ёшли аёлдан уйининг ҳожатхонасидан фойдаланиб олишни илтимос қилган. Аёл хўп дея уни уйига киритган. Бироқ эркак ҳожатхонадан фойдаланмасдан, кийимларини ечиб, аёлга шаҳвоний шилқимлик ҳаракатларини қилган.
Судда сўралган эркак айбига иқрор бўлиб, келгусида бу каби ҳолатни бошқа такрорламасликни айтган ҳамда суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Жабрланувчи аёл эса судда 80 ёшда эканлигини, ҳожатхонасидан фойдаланишга рухсат сўраб уйига кирган эркак унга шилқимлик қилганини билдирган. Аёл ўз кўрсатмасида эркакка ўғли келиб қолмасдан уйдан чиқиб кетишини айтганини, аммо у чиқиб кетмаганлигини, сўнгра қўшниларини чақириб, ички ишлар органига хабар берганлигини маълум қилган. У ҳуқуқбузарни кечирмаслигини ва қонуний чора кўришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзу Улуғбек туман судининг 2024 йил 5 июлдаги қарори билан Р.С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида (шаҳвоний шилқимлик) ҳамда 194-моддасининг 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.