16:41 | 18.09.24
Тошкентда қизини ҳақоратлаган боладан тиз чўкиб кечирим сўрашни талаб қилган эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди (видео).
Cергилида 32 ёшли эркак қизи сабаб ўзидан 16 ёш кичик болани калтаклагани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳар судлари ҳолат юзасидан Bugun.uz’га батафсил маълумот берди.
Келтирилишича, 16 сентябрь куни соат 13:30 ларда И.М. ва Д.Н. 322-сонли ўрта мактабда ўқувчи қизини мактабда ҳақорат қилган синфдоши М.Т.ни қизидан кечирим сўрашини талаб қилиш мақсадида, у яшаб келаётган уйга келган. Шу ерда кўчада юрган М.Т.ни кўриб қолиб, бақир-чақир қилган ва ундан қизидан тиз чўкиб, кечирим сўрашни талаб қилган.
Шу вақт воқеа жойига келиб қолган М.Т.нинг акаси, 2008 йил туғилган Т.Т.ни ҳам ҳақорат қилиб, уни танасини турли жойларига қўллари билан урган. Жанжалга Д.Н. ҳам аралашиб, вояга етмаган боланинг елкасига бир неча марта урган. У олган тан жароҳати юзасидан шифохонага мурожаат қилган ва бирламчи тиббий кўрикдан ўтганида, унда кўкрак қафасининг чап томон тўқималарининг лат ейиши мавжудлиги аниқланган.
Унга нисбатан суд тиббий экспертизасини ўтказиш белгиланган бўлса-да, бола ва унинг қонуний вакили бўлган онаси суд-тиббий экспертизасидан ўтишдан бош тортган.
Суд қарори билан эркакка нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Унинг аёлига эса 340 минг сўм жарима жазоси берилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: