14:48 | 22.06.24
Тошкентда фуқарога тўппонча билан таҳдид қилиб, жароҳат етказди. Тўрт нафар йигит 32 ёшли эркакни дўппослаган.
Ижтимоий тармоқларда бир неча фуқаролар ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Жорий йилнинг 20 июнь тунги соат 00:30 ларда Мирзо Улуғбек туманида 1998 йилда туғилган Ш.Б., 2001 йилда туғилган А.К., 1991 йилда туғилган Ў.З., 2002 йилда туғилган Ф.А. ўзининг таниши, 1992 йилда туғилган Ж.Р. билан ўзаро жанжаллашиб кетишган ва Ж.Р.ни қўл билан уриб тан жароҳати етказишган.
Жабрланувчи «Бош мия чайқалиши, бош мия юмшоқ тўқималари лат ейиши» жароҳати билан хусусий тиббиёт муассасасига мурожаат қилган. Ҳолатни яшириш мақсадида Ж.Р. тиббиёт ходимларига ўзи йиқилиб тушганини билдириб, ИИО га мурожаат қилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар Ш.Б. ва А.К. процессуал тартибда ушланган. Қолган гумонланувчиларни ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Ш.Б.нинг ёнида аниқланган тўппонча кўринишидаги олов ёндиргич ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Тергов давом этмоқда, якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабарда.