17:51 | 09.08.24

                       

Тошкентда фуқаронинг пулларини ўзлаштирган шахс ушланди

Тошкентда сохта ҳавола юбориб, фуқаронинг пулларини ўзлаштирган шахс ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкентда ўзганинг 4 млн сўм пулини ўғирлаган жиноятчи аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Наманган вилоятида яшовчи 28 ёшли аёл М.М. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 4 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Маъсуллар томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи Л.П. содир этганлиги аниқланди.

Унга кўра, гумонланувчи Л.П. интернет фойдаланувчиларига Telegram орқали ёлғон эълонлар остида сохта дастур, ҳавола жўнатиб келган ва бу эълонга ишонган жабрланувчи М.М.нинг банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган ва унинг ҳисобидаги 4 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Л.П.га нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: