15:24 | 11.05.23
Анжуман доирасида Германиянинг 80 нафар туристик операторлари Ўзбекистонга келади
Ўзбекистонда Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Германия туристик ассоциацияси (Deutscher Reiseverband e.V. – DRV) билан ҳамкорликда Германия ва Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари учун Destination Forum халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Германиянинг йирик туркомпаниялари ёрдамида Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини Ғарбий Европа бўйлаб тарғиб қилиш ва ушбу қитъадан юртимизга келувчи туристлар сонини кўпайтириш мақсадида жорий йилнинг 10-17 май кунлари Германиянинг 80 нафар туристик операторларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилмоқда.
DRV – Германиянинг туризм соҳасидаги етакчи ассоциация бўлиб, у мамлакат туризм бозорининг умумий даромадининг қарийб 90 фоизини ўзида жам қиладиган туризм йўналишидаги барча ташкилотларни қамраб олади.
Саёҳат давомида германиялик туроператорларни сўнгги йилларда туризм соҳасида олиб борилган ислоҳотлар ва яратилган имкониятлар билан яқиндан таништириб, улар учун Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, маданий мерос объектлари, туризм қишлоқлари ва оилавий меҳмон уйлари бўйлаб инфо-турлар ташкил этилади.
Саёҳат якунида, жорий йилнинг 16 май куни германиялик ва ўзбекистонлик туризм йўналиши тадбиркорлари иштирокида Destination Forum анжумани ва B2B учрашувлар ташкил этилади.
Destination Forum давомида Германиянинг энг йирик сайёҳлик агентликлари ва туроператорларига европаликлар учун Ўзбекистонни устувор сайёҳлик йўналиши сифатида таништиришга қаратилган тақдимотлар ўтказилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: