20:39 | 14.06.24
Тошкентда иккита автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Оқибатда, тўрт киши тан жароҳати олган.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати иккита автобус иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил 14 июнь куни соат 16:14 ларда 131-сонли йўналиш ҳайдовчиси Р.Б бошқарувидаги автобус Сергели тумани Янги Сергели кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, пиёдалар ўтиш йўлагида пиёдани ўтказиш учун тўхтаган вақтда, орқадан оралиқ масофа сақламай ҳаракатланиб келаётган 58-сонли йўналиш ҳайдовчи К.Б бошқарувидаги автобус келиб урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Дастабки маълумотга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автобус ҳайдовчиси, чиптачиси ва 2 нафар йўловчилари тан жароҳати олган, автобуслар техник шикастланган.
Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланган.
Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ МДХ тезкор гуруҳи ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.
«Ҳайдовчилардан йўлларда ҳаракатланаётганларида йўл-ҳаракати қоидаларига риоя қилишларини ва йўлларда эътиборли бўлишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: