14:48 | 02.07.24

                       

Тошкентда иккита мактабдаги дарахтлар ярим тунда кесиб кетилди

Тошкентдаги иккита мактабда ярим тунда кесиб кетилган 85 туп дарахт аслида бошқа жойга кўчирилаётгани айтилди.

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Шайхонтоҳур туманидаги 42- ҳамда Яккасарой туманидаги 48- мактабларида олиб борилаётган қурилиш ишлари сабабли дарахтлар ноқонуний кесиб ташланганига муносабат билдирди.

Таъкидланишича, айни пайтда ушбу мактабларда қўшимча ўқув бинолари қурилмоқда. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасидан тақдим этилган хулосага кўра, Шайхонтоҳур туманидаги 42-мактаб ҳудудидаги  38 туп дарахт кесилмасдан ва ҳеч қандай зарар етказилмасдан бошқа жойга кўчириладиган бўлди. Шунингдек, Яккасарой туманидаги 48-мактаб ҳудудидаги 47 туп дарахт ҳам шу тартибда кўчирилади ва парваришланади.

«Ижтимоий тармоқларда мактаб ҳудудидаги дарахтлар кесиб ташланади деган ҳар хил гап-сўзлар асоссиз. Аслида дарахтлар таг қисмидан кесилмайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2022 йил 22 августдаги 464-сонли Қарорига асосан барча агротехник қоидаларга риоя қилган ҳолатда дарахтлар бошқа жойга кўчирилади», — дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: