Тошкентда илк бор Туркий тилли давлатларнинг «Қардошлик санъати» форуми бўлиб ўтади
Тадбирда, шунингдек, Айла Челик, Талиб Теле ва Зейнеп Ҳасенли каби таниқли санъаткорларнинг чиқишлари ҳам режалаштирилган.
Эртага, 30 сентябр куни «Ўзбекфилм» киноконцернида XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Туркий тилли давлатлар (Турксой) кинонамоёндалари иштирокида «Қардошлик санъати» форуми ўтказилади. Унда Турксой Халқаро ташкилотига аъзо мамлакатларнинг энг яхши киноижодкорлари тақдирланиб, туркий халқлар кинематографлар уюшмаси ташкил этилади. Шунингдек, тадбирда Айла Челик, Талиб Теле ва Зейнеп Ҳасенли каби таниқли санъаткорларнинг чиқишлари бўлиб ўтади.

Тадбирда Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, Турксой ташкилоти бош котиби Султан Раев, Озарбайжон Маданият вазири маслаҳатчиси Орҳан Фикретоғ, Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги кино бошқармаси бош директори Эркин Йилмаз, «Туркманфилм» бошлиғи Арслан Эебердиев, «Татаркино» студияси раҳбари Миляуша Айтугановалар ҳам қатнашади. Форумда «Ўзбекфилм» киноконцернида Туркий халқлар кинематографлар уюшмаси тузилиб, бир қатор меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.
Кун якунида эса «Қардошлик санъати» туркий тилли халқларнинг таниқли санъаткорлари иштирокида бадиий кеча ташкил этилади. Жумладан, Озарбайжонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳамида Омарова ва Аишал Мамедов, Қозоғистонда хизмат кўрсатган артистлар Канат Торебай ва Венера Нигматулина, Қирғизистон халқ артисти Ортиқпай Суюдуков ва қирғизистонлик режиссёр Темир Бирназаров, таниқли Туркман режиссёри Хўжақули Нарлиев, машҳур турк актёрлари Жалол Ал ва Али Мете ва бошқалар иштирок этишади. Турк хонандаси Айла Челик, Қирғизистон халқ артисти Бек Борбиев, Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов, озарбайжонлик хонандалар Талиб Теле ва Зейнеп Ҳасенли эса ўзларининг машҳур куй-қўшиқлари билан кечани файзли ўтказишда хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент кинофестивали янги миллий фильмлар тақдимоти билан бошлангани ҳақида хабар берилганди.