15:06 | 25.08.23

                       

Тошкентда «кешбэк»ни танқид қилган имом-хатиб вазифасидан озод қилинди

«Исоқжон домла» номи билан танилган имом «кешбэк» ҳақидаги қонун тадбиркорларга зулм ўтказаётганини айтганди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби, «Исоқжон домла» номи билан танилган Исоқжон Бегматов савдо-сотиқда харидорга сотиб олган нарсаси учун «кешбэк» қайтариб берилишини назарда тутувчи қонун тадбиркорларга зулм ўтказаётганини айтгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат бир қатор баҳс-мунозараларга сабаб бўлганидан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, бугун, 25 август куни Мусулмонлар идораси Ички назорат комиссияси томонидан Исоқжон Бегматовнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинган. Йиғилишда комиссия аъзолари томонидан унинг турли баҳсларга сабаб бўлган, «ҳиссиётга берилиб» қилган кескин чиқишлари, «уламоларнинг фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари», «ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида, низо ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлгани» кескин танқид остига олинган.

Таъкидланишича, Ички назорат комиссияси олдин ҳам Исоқжон Бегматовнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган. Бироқ бундай ҳолатлар яна такрорланишда давом этгани қайд этилган.

Йиғилишда унинг чиқишлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муносабатини акс эттирмаслиги, балки бу унинг шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланган.

Исоқжон Бегматов бундай чиқишлари билан жиддий хатога йўл қўйганини тан олган ва пушаймонлигини билдирган.

Ички назорат комиссияси қарорига асосан «ушбу йўналишдаги буйруқлар талаблари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига мунтазам равишда риоя этмагани учун» Исоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этилгани маълум қилинган.

«Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган Ички назорат комиссияси диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни рағбатлантириш каби ваколатларга эгадир», дея эслатади Ўзбекистон мусулмонлари идораси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиев (Шукрулло домла) ҳам ижтимоий тармоқлардаги кескин чиқишлари ортидан ишдан олинганди. Шунингдек, ёш қизларни ўлдириш билан таҳдид қилган Тошкент вилоятидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов аввалига эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, кейинчалик уч суткага қамалганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: