16:18 | 03.10.23

                       

Тошкентда кучли магнит бўронлари кузатилмоқда

Шаҳарда 3-5 октябр кунлари 4 баллгача кучга эга магнит бўронлари бўлади.

Тошкентда 2023 йилнинг 3-5 октябр кунлари 4 баллгача бўлган магнит бўронлари кузатилади. Бу бўйича прогнозларни «Метеонова» тақдим этди.

Кутилмаларга кўра, магнит бўронларининг энг юқори кўрсаткичи бугун соат 11:00 ва 14:00 оралиғида кузатилди. Бу 4 баллга тенг бўлган кучга эга магнит бўрони бўлиб, инсон ҳаёти учун унчалик хавфли эмас. 4 ва 5 октябр кунлари магнит бўрони 3 баллга тенг бўлиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 4 октябр куни соат 11:00 дан 14:00 гача, 5 октябр куни эса 8:00 да кузатилади. Қолган вақтларда 1-2 баллга тенг бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, магнит бўронларида энг юқори кўрсаткич 8-9 баллни ташкил этади. Магнит бўронлари атамаси аввалдан мавжуд. Бироқ яқин вақтлардан буён бу атама кўп қўлланиб келинмоқда. Инсон ҳаётига магнит бўронининг хавф таъсири кучли бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлганда, Соғлиқни сақлаш вазирликлари одамларни бу масалада эътиборли бўлиши кераклиги ҳақида огоҳлантиради.

Магнит бўронлари — компас магнит милининг сурилишини қўзғатувчи Ер магнит майдонининг кескин ўзгариши. Магнит бўронлари бир вақтда Ер юзининг катта ҳудудларида, баъзан бутун Ер юзида кузатилади. Магнит бўронлари, кўпинча, тун вақтига тўғри келади.

Бу жараён юрак-қон томир ва асаб соҳасининг сурункали касалликларидан азият чекаётган инсонларда бироз қийин кечади. Чунки, бу ҳолатда магнит бўрони қон айланиш тизими ўзгаришига сабаб бўлади.  Эритроцитлар таркибидаги темир моддаси магнит бўрони вақтида таъсирланиб, томирларда тромб ҳосил қилади.

Асаб касаллиги мавжуд инсонларда магнит бўрони вақтида гормонлар ишлаб чиқариш кучаяди, натижада ҳолсизлик, жиззакилик каби белгилар пайдо бўлади.

Магнит бўронлари содир бўладиган кунлар ҳақида ОАВ орқали хабар берилади.

Бу жараёнларда инсон ўзини-ўзи асраши керак. Спиртли ичимликлар, чекишни чеклаш, ҳазм қилиниши қийин бўлган овқатларни истеъмол қилмаслик ва камроқ асабийлашишдан тийилиш лозим.

Имкон қадар кўпроқ душ қабул қилиб, илиқ сув ичиш ва салқин хоналарда ўтириш керак. Юрак-қон томир касалликларидан азият чекаётган инсонлар эса ёлғиз қолмаслиги талаб этилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: