15:01 | 02.10.24
Тошкентда 17 ёшли мактаб ўқувчиси устига футбол дарвозаси тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Тез ёрдам 40 дақиқада етиб келган. Йигит қорин ёпиқ жароҳати, жигар ёрилиши, ички қон кетиши каби жароҳатлар билан шифохонада вафот этган.
Тошкент шаҳри Олмазор туманида мактаб ўқувчиси устига футбол дарвозаси тушиб кетиши оқибатида вафот этди. Маълумотни Бош прокуратура матбуот котиби «Bugun.uz»га тасдиқлади.
Маълум бўлишича, тумандаги 133 умумтаълим мактабининг 11 синф 17 ёшли ўқувчиси М.А. 27-сентябрь куни синфдошлар соат 20:00 да овқатланишга, ундан сўнг соат 21:00-22:00 атрофида тумандаги 134 мактаб спорт майдонига 5 та синфдош футбол ўйнагани борган.
Келтирилишича, М.А. футбол дарвозасига осилган, мувозанатни ушлолмай чалқанча йиқилган ва устига дарвоза қулаб тушган. Тез ёрдам 40 дақиқада етиб келган. Ўша куни соат 23:45 да йигит қорин ёпиқ жарохати, жигар ёрилиши, жигар венаси узилиши, ички қон кетиши, травматик шок билан вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: