11:36 | 31.03.23
Ижара учун ўртача нархлар феврал ойидагига нисбатан 2 фоиз пасайган
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Тошкент шаҳрида март ойида хонадонлар учун ижара нархларининг ўзгаришини таҳлил қилди.
Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида хонадонлар учун ижара нархлари пасайишда давом этмоқда. Маълумки, 2022 йил хонадонлар учун ижара нархлари ўса бошлаган ва октябр ойига келиб, ўзининг энг юқори нуқтасига чиққан, сўнгра пасая бошлаганди. OLX маълумотлар базасига кўра, ўшанда шаҳар бўйича ўртача таъмирланган хонадон учун ижара нархи 526 АҚШ долларига чиққанди. 2023 йилнинг март ойида ижара учун ўртача нархлар феврал ойидагига нисбатан 2 фоиз пасайган ва 411 АҚШ долларини ташкил этган.
Ўртача таъмирланган 2 хонали уй учун ижара нархи 340 доллардан (Сергели) 460 долларгача (Яккасарой) ўзгарган ҳолда Тошкент шаҳри учун ўртача 411 долларни ташкил этган. 3 хонали уйлар учун эса нархлар 380 доллардан (Сергели) 600 долларгача (Миробод) ўзгарган ҳолда Тошкент шаҳри учун ўртача 480 АҚШ долларини ташкил этган. Таъмирланган 1 хонали уй учун ўртача ижара нархи 320 долларни, 4 хонали уй учун 600 долларни, 5 хонали уй учун 660 долларни ташкил этган.
Аввалроқ Ўзбекистонда иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари бир йилда 20,2 фоизга кўтарилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, январь ойида ўзбекистонликлар орасида кўчмас мулк сотиб олишга талаб декабрга нисбатан 19,7 фоизга ошди.
Мавзуга доир: Тошкентда декабрь ойида хонадонлар ижара нархи ошди
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: