13:31 | 24.06.24

                       

Тошкентда Мўғулистон элчихонасининг расмий очилиши бўлиб ўтади

Тошкентда Мўғулистон элчихонасининг расмий очилиши бўлиб ўтади. Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари бизнес вакиллари билан учрашди.

Ўзбекистон ва Мўғулистон Президентлари кўп қиррали ҳамкорликнинг янги дастурини тайёрлаш тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди.

Суҳбат аввалида Мўғулистон Президенти давлат раҳбарига Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди. Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмон ва расмий делегациянинг барча аъзоларини дилдан қутлаб, Мўғулистон Президентининг илк давлат ташрифи Ўзбекистон-Мўғулистон кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришда янги саҳифа очишини алоҳида таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музокаралар давомида мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда. Бугунги саммитга тайёргарлик доирасида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувлар самарали бўлди. Шу кунларда Тошкентда Мўғулистон элчихонасининг расмий очилиши бўлиб ўтади.

Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, хавфсизлик соҳасида алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Мўғулистон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлаган биринчи давлатлардан бири бўлгани ва тегишли баённомани имзолагани қайд этилди.

Шу мақсадда ҳукуматларга товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, Улан-Батор ва Тошкентда расмий савдо уйларини очиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш ҳамда бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, икки давлат пойтахтларида ўзаро саноат кўргазмалари ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва турдош тармоқларда комплекс ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу борада Қорақалпоғистон, Наманган ва бошқа вилоятларда йирик чорвачилик комплексларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар бор. Мўғулистондан гўшт ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни импорт қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан товуқ гўшти, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таклифлар тайёрланди.

“Ҳалол” стандартларига мувофиқ гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш ва минтақадаги мамлакатларга экспорт қилиш режалари қўллаб-қувватланди. Шунингдек, тери ва жунни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича лойиҳалар таклиф этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари икки мамлакат бизнес доиралари вакиллари билан учрашув ўтказадилар. Улар томонидан янги лойиҳа таклифлари тайёрланган. Тошкентда илғор технологик ечимлар асосида замонавий диагностика марказини очиш, енгил саноат, рақамлаштириш, фармацевтика соҳасидаги лойиҳалар шулар жумласидан.

Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш принциплари тўғрисидаги асосий битимлар қабул қилинади. Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида ташриф давомида ҳаво ва автомобиль транспортида ташишлар тўғрисида муҳим битимлар қабул қилинади. Икки пойтахт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш масаласи ўрганилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маданий-гуманитар алоқалар ва алмашинувларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Турли йилларда Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олган мўғулистонликлар дўстлик ва ҳамкорликнинг ҳақиқий кўприги бўлаётгани таъкидланди.

Энг нуфузли университетлар ўртасида академик алмашинувларни йўлга қўйиш, шунингдек, грантлар асосида иқтидорли мўғулистонлик талабаларни Ўзбекистонда ўқитишни қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди. Эртага Тошкентда машҳур «Морин Хуур» мўғул оркестри иштирокида санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтади.

Икки мамлакат халқларини яқинлаштириш мақсадида Гуманитар ҳамкорлик дастурини тайёрлаш ва келгуси йилда Тошкент ва Улан-Баторда маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинди. Икки мамлакат ўртасида мавжуд визасиз тартибни инобатга олган ҳолда, қўшма дастурлар ва маҳсулотлар асосида туризм алмашинувларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, спорт ва ёшлар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Музокаралар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлаш топширилди.

Давлат раҳбари Президент Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали мулоқотни давом эттириш учун Мўғулистонга жавоб ташрифи билан келиш таклифини қабул қилди.