21:14 | 09.07.24

                       

Тошкентда олти ёшли бола қудуққа тушиб ҳалок бўлган

Бош прокуратура Тошкентда олти ёшли бола қудуққа тушиб ҳалок бўлганига муносабат билдирди. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкентда олти ёшли бола сув билан тўлдирилган қудуққа тушиб ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, воқеа соат 18:00 атрофида юз берган. Олти ёшли бола Учтепа туманидаги «Ҳавас» дўконига чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. 9 июль куни эрталаб тезкор ходимлар унинг отаси ишлаган цех ҳудудидаги сув қудуғидан боланинг жасадини топишган.

Бош прокуратура матбуот хизмати қайд қилишича, хизмат кўрсатувчи корхона ишчилари томонидан ёрилган иссиқ сув қувурини таъмирлаш мақсадида кавланган чуқур очиқ холатда қолдирилган ва унинг атрофида хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилмаган. Оқибатда юқоридаги нохуш ҳолат юз берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда