Тошкентда ўнлаб ўсмирлар стример Aslamboi озод этилишини талаб қилиб, юришга чиқди
PUBG ўйинининг машҳур стримери Magic City’да мухлислар билан учрашув уюштириб, совғалар тарқатмоқчи бўлган
Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тошкентлик ўнлаб ўсмирлар кўчада «Аслам — сила» (Аслам — куч) дея бақирганча юриш қилгани акс этган видеолар юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, Жиззах вилоятидан бўлган Асламбек Баҳромов Magic City кўнгилочар мажмуасида мухлислар билан учрашув уюштириб, совғалар тарқатмоқчи бўлган.
«Учрашувга тахминан 130−140 нафарга яқин вояга етмаган болалар йиғилган ва жамоат тартибини бузиб, шовқин-сурон кўтарган. Шу ҳудудда хизмат олиб борувчи Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари тартибсизликнинг олдини олиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида А.Баҳромовни ички ишлар бўлимига олиб кетган. Ходимлар А.Баҳромовни олиб кетаётган вақтида бир нечта вояга етмаганлар унинг кетидан автомашинагача кузатиб боришган. Сўнг учрашувга йиғилганларнинг барчаси тарқалган», дейилади хабарда.
Видеоларда бир гуруҳ ўсмирларнинг номаълум йўналиш бўйлаб юриб борар экан, «Аслам — сила» («Аслам — куч») деб бақираётгани акс этган. Гувоҳларнинг хабар беришича, ёшлар стримернинг озод этилишини ҳам талаб қилган.

Баҳромовнинг ўзи Telegram каналида ўйиндан уч-тўрт кун қолиши мумкинлигини айтган («gg если чё 3−4 кун афк боп колшм мумкун»).
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан А.Баҳромовга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун туман судига тақдим этилади.
Асламбек Бахромов (2004 йилда туғилган) PUBG онлайн ўйинининг машҳур стримери бўлиб, Aslamboi тахаллуси остида ўйнайди. Хабар эълон қилинган пайтда унинг 376 минг нафар YouTube, 136 минг нафар Instagram обуначиси бор эди.

У 10−11 соатгача давом этиши мумкин бўлган ўйинларини жонли эфирга узатади, шунингдек, Energy Gaming киберспорт ташкилоти учун чиқишлар қилади.