Тошкентда талаба қизнинг «шантаж» қилиниши бўйича текширув бошланди — видео
Аввалроқ номаълум шахс унинг суратларини «монтаж» қилиб, тарқатиб юбориш билан қўрқитганди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида номаълум шахс талаба қизнинг суратларини «монтаж» қилиб, тарқатиб юбориш билан қўрқитгани ҳақида хабар берган эдик. Bugun.uz’даги ,маълумотларга кўра, мазкур иш бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, қиз Чилонзор туман Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилганидан сўнг ходимлар унга «шантажчи»нинг ишини мустақил равишда текширишни таклиф қилган. Улар қиздан аноним профиль эгасининг исми, фамилияси, отасининг исми ва туғилган санасини билишни, шунингдек, учрашувга таклиф қилишни сўраган. Шундагина қизга ёрдам бера олишларини айтишган.
Ходимлар унга суҳбатни давом эттиришни ва «шантажчи»нинг жойлашган ерини аниқлашни тайинлаган. Аввалига қиз уларнинг маслаҳатидан бироз ҳайратга тушган, аммо кейин барибир ички ишлар ходимларининг тавсияларига амал қилишга қарор қилган.
Бундан ташқари, қиздан номаълум шахсни Ички ишлар бўлими яқинидаги паркка (узоққа бормаслик учун) учрашувга чақириш сўралган.
Шундан сўнг, ниманидир сезиб қолган «шантажчи» қиз билан алоқани узган.
ИИВ матбуот хизматининг хабар беришича, айни пайтда қизнинг аризаси бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Иш Чилонзор туман ИИБнинг назоратида.